28 Июл 2021 йил 370

30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши “Аёллар қаноти” ҳамкорлигида “Одам савдоси - давр муаммоси” ҳамда "Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш" мавзуларида очиқ мулоқот ўтказилди.

Бунда, вилоят Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази вилоят бўлими вакиллари, шунингдек, “ZOOM” платформаси орқали жойлардан “Депутат аёллар клуби” аъзолари туман ва шаҳар Кенгаши партия ташкилотлари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши мафкуравий ишлар, партиянинг дастурий кўрсатмалари амалга оширилишини ташкил ва таҳлил этиш бўйича бош мутахассиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги "Ёшлар парламенти" аъзоси Зебинисо Aҳмадова кириш сўзи билан очиб, 2013 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан “30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни” - деб эълон қилингани ва Халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, одам савдосидан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларни ташкил қилаётгани, ушбу жиноятдан жабрланганларнинг асосий қисмини аёллар ва болалар ташкил қилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Дарҳақиқат, одам савдоси инсоният пайдо бўлгандан буён қуллик ва унинг турли шаклларида намоён бўлиб, бу вақт ўтиши билан ўзгариб борган. Ҳозирда эса  инсон ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари асосий омилга айланди.

Тадбирда сўз олган Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий Ахборот маркази Бухоро вилояти бўлими раҳбари Лола Каримова одам савдоси қурбонларига ёрдам бериш, уларни ватанга қайтариш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди. Шунингдек, 2019-2020 йилларда ташкилотнинг долзарб алоқа рақамига турли муаммоларни айтиб ёрдам сўраган фуқаролардан 2365 та мурожаатлар қабул қилингани, 43 та ариза ва 25 нафар  фуқароларни ватанга қайтариш чоралари кўрилганлиги ҳамда ушбу масалаларда ҳукукни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг статистик маълумотларига кўра, камида 127 та мамлакатнинг фуқаролари ушбу жирканч жиноятнинг қурбони бўлишмоқда ва улар дунёнинг 137 та  давлатида эксплуатация қилинмоқдалар.

Тадбир давомида сўз олган Бухоро вилояти ИИБ ҳуқуқбузарлик профилактикаси бошқармаси бошлиғининг  ўринбосари, Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи, подполковник Дилфуза Шаропова хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича вилоятда амалга оширилган ишлар хусусида  тўхталиб, жорий йилнинг ўтган  олти ойи  давомида тазйиқ ва зўравонликка учраган 1290 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилгани, олиб борилган профилактик ишлар натижасида 948 нафар оилалардаги низолар бартараф этилиб, оилалар сақлаб қолинишига эришилганини таъкид этди.

33 нафар тазйиқ ва зўравонлик содир этган фуқароларга тазйиқни тўхтатиш бўйича ордер берилган бўлсада,  ўзига тўғри хулоса чиқармаган фуқароларга маъмурий қамоқ ҳамда жарима жазолари қўлланилгани ҳам айтиб ўтилди.

1290 нафар тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 836 нафари эридан, 70 нафари келинидан, 91 нафари қайнонасидан ҳамда 293 нафари бошқа шахслар томонидан жабрланганларни ташкил қилади.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олишди. Очиқ мулоқот якунида одам савдосига қарши курашиш ҳамда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган  тарғибот ва ташвиқот тадбирлари  юзасидан келишув меморандуми имзоланди.

Text to speech