21 Апрел 2021 йил 346

Бухоро шаҳрида жиноятчиликка қарши курашни «маҳаллабай» ташкил этиш ишлари бўйича ўрганишлар давом этмоқда

Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Мансур Қодиров шаҳар ва туманларнинг ҳуқуқ-тартибот масканлари ва маҳаллаларига бориб, маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари иштирокида ҳудудларда жиноят содир қилишга мойил бўлган шахслар билан олиб борилаётган профилактик тадбирлар, содир бўлаётган майда ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг турлари, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг келгусида оғир оқибатли жиноятларга айланиб кетишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг амалдаги натижалари, жиноятчиликни барвақт олдини олиш бўйича виктимологик профилактиканинг аҳволи, бунда фуқаролар ўртасида жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини аниқ мисоллар орқали тушунтириш ва тарғибот тадбирларининг бориши юзасидан ўрганишлар ўтказиб, профилактика инспекторларига йўналишлар бўйича ўзининг бугунги кун талабларини тушунтириб, ўзининг таклиф ҳамда тавсияларини бериб келмоқда.

Худди шу мақсадда бугун ҳам подполковник Мансур Қодиров, Бухоро шаҳридаги Фитрат, Ҳамид Олимжон, Пиридастгир ва Ахмад Дониш маҳаллалари ва уларга хизмат кўрсатувчи ҳуқуқ-тартибот масканларига бориб, маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари билан биргаликда ўрганишлар ўтказди.

Ўрганиш жараёнида масъулларга шаҳар ҳудудидаги хонадонлар ва тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларини қўриқлаш пультига улаш орқали содир бўлиши мумкин бўлган ўғрилик жиноятларининг олдини олиш, шунингдек, маҳалла ҳудудлари, айниқса «қизил ҳудуд»га кирган маҳаллаларнинг кириш-чиқиш жойларига кузатув камераларини ўрнатиш юзасидан тарғибот тадбирларини кучайтириш, “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида жиноятларни барвақт олдини олишнинг механизмларини жорий қилиш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, «Маҳаллабай», «Хонадонбай», «Фуқаробай» тизимлари бўйича амалга оширилаётган ишларни самарали ташкил этиш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фаолиятдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.

Бу каби ўрганишлар Бухоро шаҳрининг барча маҳаллалари ҳамда қолган туманлар бўйича ҳам давом эттирилмоқда.

Text to speech