29 Июл 2021 йил 288

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баходир Юлдашевич Мирзарахимов иштирокида ўтган видеоселектор йиғилишида 2021 йилнинг 6 ойлик иш натижалари сарҳисоб қилинди.

Видеоселектор тартибида ўтказилган мазкур йиғилишда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг барча ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман ва шаҳар ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда соҳавий хизматларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Бунда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Мансур Қодиров  томонидан 2021 йилнинг 6 ойи давомида вилоятда ҳуқуқбкузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, содир бўлган жиноятларни иссиқ изида фош этиш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан батафсил ахборот берилди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда, ярим йилликда эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда ўтказилган профилактик тадбирларнинг самарадорлиги хусусида соҳавий хизмат раҳбарлари, туман (шаҳар) ИИБ бошлиқлари ва бошқа масъулларнинг ҳам ҳисоботлари тингланди.

Шундан сўнг кейинги чорак ва ярим йилликда Бухоро вилоятида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш юзасидан ишлаб чиқилган йўл хариталари, бунда куч воситалар, моддий-техник базани яхшилаш бўйича киритилган таклифлар муҳокама қилинди. Ички ишлар вазирининг ўринбосари билдирилган таклиф ҳамда мулоҳазаларга нисбатан ўзининг тавсияларини бериб, йўл қўйилган камчиликлардан керакли хулоса чиқариб, берилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажариш, фуқаролар хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш бўйича топшириқлар берди.

Биринчи навбатда ҳар бир ички ишлар органи ходимининг ўзи хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий амал қилиши, хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, асосийси ватанга, хизматга ва халқига садоқатли бўлиши лозимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Вазир ўринбосари, юқори ва қуйи тизим раҳбарларига, ходимларнинг оилавий шароити ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларни тарбиялашда устоз-мураббий анъаналарини янада кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирди.

Кейинги ярим йилликда Бухоро вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан ишлаб чиқилган ташкилий тадбирлар режаси ва йўл хариталари яна бир бор синчковлик билан кўриб чиқилиб, ҳар бир йўналиш бўйича барча устувор вазифаларни белгилаб олган ҳолда ижрога қаратиш лозимлиги юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Text to speech