29 Сентябр 2020 йил 548

Бухоро вилоятида жорий йилнинг 29 сентябрь кунидан 29 октябрь кунига қадар “Оилам бахти-ўз қўлимда” ойлиги ўтказилади.

Маълумотларга кўра, бугун вилоятда оилавий ажрим ёқасида турганлар сони 1 минг 127 тани ташкил этаётгани ёки ҳар 448 та оиланинг биттаси парокандаликка юз тутаётгани ўзини ўзи бошқариш органлари тизимида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани барчани бирдек ташвиш ва хавотирга солаётгани айни ҳақиқат.

Бу кўрсатгич айниқса, Бухоро шаҳри, Ғиждувон, Бухоро, Ромитан, Шофиркон ва Когон туманларида юқорилигича қолаётгани, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида эса оилалар ўртасидаги ажримлар сони 957 тага етгани кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни кўриш, таъкидлаш жоиз бўлса, қуйи бўғиндаги мутасаддилар, маҳаллалар қошидаги яраштирув комиссиялари ва бошқа масъулларни ғафлат уйқусидан уйғотиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Табиийки, мустақил ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига бевосита таъсир кўрсатади. Аммо айрим ота-оналар фарзандларининг келажаги, соғлиғини ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ҳаракатига тушаётгани, бунинг натижасида Когон шаҳри ва Ғиждувон туманида муддатидан олдин оналик шарафига муяссар бўлаётган ёшлар сони ортаётгани ниҳоятда ачинарли ва оғир муаммога айланди.

Жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида вилоятда хотин-қизлар ўртасида содир этилган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37 фоизга ошган. Бу рақам кишини мулоҳазага чорлаши, ўйга толдириши тайин, албатта. Хўш, айнан жамиятимиз гултожи бўлган хотин-қизларни ножўя ҳатти-ҳаракатлардан сақлаш мақсадида ташкил этилган “Маҳалла-сектор-халқ қабулхонаси—маҳалла” тизими фаолиятининнг самарадорлиги нега паст? Афсуски, бундай аянчли ҳолатлар Жондор, Қоракўл, Олот туманларида кескин ошганини ўша ердаги сектор раҳбарлари ёки янги тизимдаги маҳалла ва оила бошқаруви масъуллари  билишармикин? Гап жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар хусусида бораркан, шу йилнинг ўтган даври мобайнида Бухоро шаҳрида 54 та, Қоракўлда 36 та, Ғиждувонда 33 та, Бухоро туманида 22 та жиноят бевосита хотин-қизлар томонидан содир этилгани жуда аянчли ҳол. Бу ҳудудларда тегишли профилактик ишлар самарадорлиги ниҳоятда пастлигидан яққол далолатдир.

Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида “Оилам бахти - ўз қўлимда” ойлиги доирасида ташкил этилган форум ана шу муаммолар ечимига бағишланди.

Республика Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг вилоятдаги бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, вилоят Адлия, Бандлик бошқармалари, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган форумда шаҳар ва туманлар ҳокимлари, прокурорлар, ички ишлар органлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Фарҳод Умаров йиғилганларни вилоятимизда 29 сентябрдан бошланган “Оилам бахти-ўз қўлимда” ойлиги муносабати билан ташкил этилган форум кун тартиби билан таништирар экан, унинг мазмун-моҳияти, юқорида келтирилган факт ва рақамлар юзасидан кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни кўриш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Жумладан, айни кунда вилоятда хотин-қизлар билан боғлиқ креминоген вазият туб негизида оилавий муносабатлардаги келишмовчиликлар, ишсизлик, гендер номутаносиблик, таъбир жоиз бўлса, хотин-қизлар камситилиши ва ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлаётгани каби ҳолатлар ётгани эътироф этилди. Буни биргина шу кеча-кундузда шаҳар ва туманларимизда 4 минг 770 нафар хотин-қизнинг “Аёллар дафтари”га киритилгани билан ҳам яққол изоҳлаш мумкин. Айниқса, бир неча ойдирки, юртимизда ҳукм сураётган пандемия даврида хотин-қизлар муаммолари нисбатан долзарб ечимини тақозо этаётгани, эрта туғруқ ва эрта турмушнинг олдини олиш, бандликни таъминлаш, чет элга қатнашга мажбур бўлаётган меҳнат мигрантлари билан самарали ишлаш механизмини жорий этиш, оилалар даромадини барқарор изга солиш муҳимлиги, қолаверса, жойлардаги ўзини ўзи бошқариш органлари таркибидаги комиссиялар ишини янада жонлантириш юзасидан тегишли идоралар ва масъулларга алоҳида топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Форум ишида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маърупова иштирок этди ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Айниқса, мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йил 18 февраль куни қабул қилинган “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарор маҳалла институтининг фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар йиғинлари иш фаолиятини юқори даражага олиб чиқиш, уларни ҳар томонлама иқтисодий, ижтимоий, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тизимда учраётган мавжуд муаммоларни бартараф этилишига муҳим ҳуқуқий асос бўлгани таъкидланди.

Умуман, бу йўналишдаги ишлар бошланган ойлик давомида шаҳар-туманлардаги секторлар фаолияти мисолида “Argos” тизими интеграцияси асосида рейтинг тизими орқали баҳолаб борилиши уқтирилди. Шу боисдан, шаҳар ва туман сектор раҳбарлари, мутасаддилар, вилоят ташкилотлари раҳбарларининг ойлик давомида фаол бўлишлари ва ўзларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришлари тақозо этилиши айтилди.

Форумда сўзга чиққан масъуллар вилоятдаги айни кундаги вазият ва уни яхшилаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ўртасида тузилган Меморандум таназзулга юз тутган ва ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ишлаш, уларни яраштириш бўйича лозим чора-тадбирларни кўриш ва албатта, тақдири аро йўлда қолаётган фарзандларни тирик етим бўлиб қолишларининг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

“Оилам бахти - ўз қўлимда” форуми доирасида вилоятнинг ҳар бир шаҳар-туманига тегишли тадбиркорлик субъектлари фаолияти мисолида қўл меҳнати маҳсулотлари, жойларда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар туфайли яратилаётган қўшимча иш ўринлари тўғрисида маълумот берувчи бурчаклар, қолаверса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида ҳудуд секторлари томонидан амалга оширилаётган ишлар сифатида ташкил этилган инновацион минитехнологиялар кўргазмаси ҳам йиғилганларни бефарқ қолдирмади.

Text to speech