1 Март 2021 йил 487

Бухоро вилоятида жорий йилнинг икки ойи давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши курашиш борасида амалга оширилган тезкор ҳамда профилактик тадбирлар натижаларига бағишланган видеолселектор йиғилиши ўтказилди

Жорий йилнинг 1 март куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев томонидан, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, мустақил бошқарма ва хизмат соҳа раҳбарлари, криминоген вазияти оғир маҳаллаларга вилоят Ички ишлар бошқармасидан бириктирилган масъул ходимлар, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг барча ўринбосарлари  ва тегишли соҳавий хизматлар ходимлари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, бунда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:

- шаҳар-туманлардаги маҳаллаларда “маҳаллабай” тизим асосида ҳафта давомида амалга оширилган ишлар, криминоген вазияти оғир деб баҳоланган 69 маҳаллаларда бириктирилган масъуллар томонидан жиноятчиликни жиловлаш борасида ўтказилган профилактик тадбирлар натижадорлиги;

- вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманлари, шунингдек, барча туман (шаҳар) ларнинг 3-секторларида “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига кирган фуқаролар билан олиб борилаётган манзилли ишлар;

 - жорий йилнинг февраль ойи якуни билан вилоятда жиноятчиликнинг аҳволи, бунда аёллар ҳамда вояга етмаганлар жиноятчилиги, уни олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ва натижадорлиги;

- туман (шаҳар) ички ишлар органлари навбатчилик қисмида юритиладиган Шакл-1 китоби ҳамда Шакл-2 журналига қайд этилган мурожаатларни кўриб чиқиш, жараёнда мавжуд муаммолар ва аниқланган камчиликлар;

- бутун республикамиз бўйлаб эълон қилинган “Тозалаш-Антитеррор” профилактик тадбири давомида амалга оширилган ишлар натижалари муҳокама қилинди.

Муҳокама йиғилиши танқидий тарзда ўтказилиб, ҳар бир масала юзасидан Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат бошлиқлари ва бошқа масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Кўрилган масалалар юзасидан сансолорликка, тизимли ва қатор камчиликларга йўл қўйган айрим раҳбар ва масъул ходимларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Юқоридаги масалалар вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг алоҳида назоратига олинган бўлиб, ҳар ҳафтада муҳокама қилинади ва ишчи гуруҳлар ҳамда шахсан бошқарма бошлиғи томонидан жойига чиқиб ўрганилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан масъулларга қатъий кўрсатма ва топшириқлар бериб келинмоқда.

Text to speech