26 Июн 2021 йил 655

Бухорода 10 дан ортиқ эркакка таносил касаллигини қасддан юқтирган аёл аниқланди.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси тезкор ходимлари ҳамда тааллуқли бошқа идоралар билан ҳамкорликда, ОИВ инфекцияси, таносил ва бошқа шунга ўхшаш юқумли касалликларни тарқалишига қарши курашиш борасида бир қатор тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ўтказилиб, ушбу йўналишда Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилиниб, фуқароларимизга огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Аммо, ўзи, оила аъзолари, яқинлари ва атрофдагиларнинг ҳаёти ва соғлигига эътиборсиз бўлган, носоғлом турмуш тарзи ва тартибсиз жинсий муносабатлар натижасида гоҳида билиб, гоҳида билмаган ҳолда турли юқумли касалликларни, айниқса таносил касаллиги ва ОИВ инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Энг ачинарлиси, ОИВ инфекцияси ёки таносил касаллигини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олиниб, ушбу касалликларни бошқа шахсларга юқтирганлик учун жавобгарликка тортиш тўғрисида огоҳлантирилиб, тилхат олинганлигига қарамасдан, касалликни қасддан юқтириш ёки юқиш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилаётган шахсларнинг аниқланаётганлиги бугун барчани қаттиқ ташфишга солмоқда.

Худди шундай, Бухоро вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган навбатдаги тезкор тадбир давомида, Қоракўл туманида истиқомат қилувчи 1995 йилда туғилган 26 ёшли аёл, 2021 йилнинг 20 май кунидан эътиборан таносил касаллигини юқтириб олган шахс сифатида, Бухоро вилояти Тери-таносил касалликлар диспансери томонидан рўйхатга олиниб, таносил касаллигини бошқа шахсларга юқтирмаслик, бундай ҳатти ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида ёзма равишда огоҳлантирилиб тилхат олинган бўлишига қарамасдан жорий йилнинг 25 май кунидан 06 июнь кунига қадар бўлган вақт оралиғида, Жондор туманида яшовчи 25-30 ёшлар атрофидаги 10 дан ортиқ шахслар билан  турли жойларда ўзини таносил касаллигига чалинганлигини билган ҳолда ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб, ушбу фуқароларга таносил касаллигини юқтириш ёки юқтириш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жондор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 113-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар, бугунги кунда авж олиб бораётган ОИВ инфекцияси ва шу каби таносил касаллигини юқтириб олмаслик мақсадида соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, тартибсиз жинсий муносабатларга киришмаслигингизни сўраб қоламиз.

Шунда ўзингиз, оила аъзоларингиз, яқинлар ва атрофдагиларни тузатиб бўлмас юқумли касалликларга чалинишдан асраб қолган бўласиз!

Text to speech