6 Май 2021 йил 375

Бухорода бир нечта фирибгарлик жиноятлари фош этилди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилаётган қатор тарғибот-ташвиқот тадбирлари, брифинг ва мурожаатнома тарзидаги огоҳлантиришларга қарамасдан, ҳали ҳамон фирибгарларнинг алдовларига учиб, уларнинг ўқишга ва ишга киритиш, чет мамлакатларда даромадли ишга жойлаштириб қўйиш каби ваъдаларига ишониб, мисқоллаб йиққан пул ва бошқа қимматбаҳо мол-мулкларидан ажралиб қолаётганлар камаяётгани йўқ.

Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳузуридаги тергов идоралари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида бир қатор ана шундай фирибгарлик жиноятлари аниқланди.

Жумладан, Ромитан тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланиишича, 2021 йил 16 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Мағит шаҳри Бўстон маҳалласида яшовчи, 1989 йилда туғилган Х.И., Ромитан тумани Хоса маҳалласида яшовчи, 1983 йилда туғилган Б.А. нинг ишончига кириб, уни Россия Федерациясига чиқиб кетишига кўмаклашишини айтиб, “Савдогарбанк” Бухоро вилояти филиали орқали ўзининг ҳисоб рақамига 1.200 (бир минг икки юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ўтказиб олиб, уни Россия Федерациясига юбормасдан, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Шофиркон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан берилган маълумотга кўра, Шофиркон тумани “А.Навоий” маҳалласида яшовчи, 1980 йилда туғилган К.Ш., Шофиркон тумани “Тезгузар” маҳалласида яшовчи, 1969 йилда туғилган Ж.А. нинг ишончига кириб, танишлари орқали “Enter Engineering” Pte.Ltd компаниясига ойлик маоши юқори бўлган ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, “Шофиркон шоҳ” кўчасида ундан 300 АҚШ доллари миқдоридаги нақд пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида, туманнинг Улфатбиби маҳалласида яшовчи, 1960 йилда туғилган Қ.Ф.исмли шахс, Ғиждувон тумани “Додарак” маҳалласида яшовчи, 1988 йилда туғилган Б.Ф. исмли аёлнинг ишончига кириб, укасини Учқудуқ туманидаги катта маошли ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилиб алдаб, ундан 500 АҚШ доллари пулларни олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб, фирибгарлик жиноятини содир қилганлиги аниқланган.

Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан берилган маълумотга кўра эса, қоракўллик 1988 йилда туғилган С.Э. исмли шахс, 1975 йилда туғилган Бухоро шаҳрида яшовчи, Ғ.Н. исмли аёлнинг ишончига кириб, унинг ўғлини учта олий таълим муассасалари, яъни Бухоро муҳандислик-технологиялар инстутити, Тошкент Информатика ва Ахборотлаштириш институти ҳамда Тошкент Технология институтларидан бирига давлат гранти асосида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, Бухоро шаҳар Алпомиш кўчасида жойлашган “Ўзбегим” тўйхонаси олдида 1.000 (минг) АҚШ доллар пулларини олиб, фирибгарлик қилган.

Мазкур ҳолатларнинг ҳар бири юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят содир қилган шахслар қонун олдида жавоб беради албатта.

Аммо ўзининг соддалаги, ишонувчанлиги, амалдаги қонунлар ҳамда номатив ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан етарли билим ва тушунчаларга эга бўлмаганлиги оқибатида фирибгарлар домига тушиб, моддий маблағларидан ажралиб қолган, устига-устак оввораю-сарсон бўлиб юрган фуқароларимиз, ҳурматли юрдошларимизга Огоҳ бўлинг! Огоҳ бўлинг! Огоҳ бўлинг!- деймиз... 

Text to speech