20 Апрел 2021 йил 456

Бухорода эксперт криминалистнинг зукколиги сабаб ўғирлик жинояти фош бўлди

Жорий йилнинг 25 март куни соат 09.00 дан  26 март куни соат 08.30 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида, Когон тумани Беклар маҳалласида яшовчи, 1980 йилда туғилган А.Г. нинг яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, унинг ётоқхонасидан қўл ҳамёни ичида бўлган 200 АҚШ доллари, 2000 Россия рубли ва бир дона баҳоси 300.000 сўмлик кумушдан ясалган аёллар занжирини талон-торож қилиб, жабрланувчига жами 3.800.000 сўмлик моддий зарар етказган ҳолда ўғирлик жиноятини содир қилганлиги тўғрисида Ички ишлар бўлимига хабар келиб тушган.

Мазкур хабарнома асосида туман Ички ишлар бўлими тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилганда, 10 дона қўл бармоқ излари тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олиниб, ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида, ҳодиса содир бўлган жойдан олинган қўл бармоқ излари юзасидан “Дактилоскопик экспертизаси” тайинланиб,  қўл бармоқ излари устида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлими мутахассис эксперти томонидан криминалистик тадқиқот ўтказилиб, излар “Шахсни автоматлаштирилган дактилоскопик идентификация қилиш тизими” орқали текширилганда, 10 дона қўл бармоқ изларидан 3 таси Когон тумани Беклар маҳалласида яшовчи 2005 йилда туғилган 9-синф ўқувчиси, вояга етмаган К.Ш.нинг қўл бармоқ излари билан айнан бир хил эканлиги аниқланган.

Шундан сўнг вояга етмаган К.Ш. жиноят иши бўйича гумон қилинувчи сифатида иштирок этишга жалб қилиниб, у билан олиб борилган тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни содир қилганлиги тўлиқ ўз тасдиғини топиб, жиноят фош этилган.

Ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech