12 Май 2021 йил 36

Бухорода ички ишлар органлари ходимлари учун ташкил этилган сайёр ўқув йиғинлар қизғин давом этмоқда

Бухорода 10-22 май кунлари мобайнида вилоят Ички ишлар органлари тизимидаги профилактика инспекторлари учун ўтказилаётган «шаҳар инспектори» ва «қишлоқ инспектори» моделлари асосида туманлараро базавий сайёр ўқув курслари қизғин давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Бош прокуратура ва Судьялар олий кенгашининг жорий йил 10 апрелдаги қўшма қарорига асосан, Ички ишлар органлари тизимидаги профилактика инспекторлари учун тегишли моделлар асосидаги туманлараро базавий сайёр ўқув курслари олиб борилмоқда.

Бухоро вилоятида ўтказилаётган ўқув семинарларида Ички ишлар органлари тизимидаги профилактика инспекторларини хизматдан ажралмаган ҳолда «шаҳар инспектори» ва «қишлоқ инспектори» моделлари асосида икки босқичли базавий касбий ва чуқурлаштирилган тартибдаги ўқув жараёнида тингловчи ходимларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасида одил судловни амалга оширишнинг муҳим жиҳатлари, фуқароларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқбузарликларга муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноят содир этган ва жиноят содир этишга мойил шахслар билан профилактик тадбирларни янада кучайтириш, маҳаллаларда ҳуқуқ-тартибот ишларини мустаҳкамлаш, оила, хотин-қизлар ва кексалар билан ишлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш ҳамда  «Маҳалладан халқ рози бўлиши керак» тамойили асосида ички ишлар органларини эл-юрт манфаатларига хизмат қилувчи халқчил тузилмага, маҳаллаларни эса хавфсиз ҳудудга айлантириш масалаларига доир ўқув машғулотлар Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Бухоро вилоят бошқармасида назария ва амалиётнинг мужассамлигида ўтказилмоқда.

Мазкур тадбир жараёнида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университети, ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ҳамда Бухоро вилоят прокуратураси мутасаддилари томонидан аҳоли орасида жиноятга нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш бўйича профилактик, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда жиноятчиликни жиловлаш бўйича манзилли ишлар борасида тушунтиришлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, бу борадаги қатор режали ишлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ички ишлар вазирлиги Ҳайъатининг 2021 йил 12 февралдаги кенгайтирилган йиғилиши 8-сон баёни 45-банди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Бош прокуратура ва Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 10 апрелдаги қўшма қарори ижроси йўлида олиб борилмоқда.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech