20 Апрел 2021 йил 384

Бухоронинг бир нечта туман ва шаҳарларида чорва мол ўғирликларини содир қилган жиноий гуруҳнинг кирдикорлари фош этилди

Бухоро вилояти Ички ишлар органлари томонидан вилоят ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳаёти ва мол-мулкини жиноий тажовузлардан сақлаш борасида кенг қамровли тезкор-қидирув ҳамда профилактик чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Алоҳида эътибор, жиноятларни фош этиш, қидирувдаги жиноятчиларни ушлаш, коррупция, иқтисодиёт ва ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамда гиёхвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ғайриқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларни аниқлашга қаратилиб, жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳар, Бухоро ва Когон туманлари ҳудудида содир бўлган чорва мол ўғирликларини фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу турдаги ўғриликларни содир қилиб келаётган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилиб, ҳудудларда мавҳум ҳолатда содир этилган 5 та жиноятлар фош этилди.

Гап шундаки, жорий йилнинг 8 апрель куни Бухоро шаҳар Лоша маҳалласида яшовчи Ю.Ё.нинг қўйхонасидан баҳоси 1.000.000 сўмлик бир бош қўйи, 11 апрель куни шаҳарнинг “Отбозор” маҳалласида яшовчи фуқаро Б.С.нинг қўйхонасидан ҳар бирининг баҳоси 1.000.000 сўмлик икки бош қўйлари, 12 апрель куни эса Когон туман “Когон” маҳалласида яшовчи, фуқаро Р.А.нинг қўйхонасидан баҳоси 5.200.000 сўмлик 3 (уч) бош қўйи ва 1 (бир) бош қўзилари, 13 апрель кунидан 14 апрель кунига ўтар кечаси Бухоро тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи И.Қ.нинг қўйхонасидан ҳар бирининг баҳоси 1.300.000 сўмга тенг бўлган уч бош қўйлари, худди шу тунда туман марказидаги Зарафшон кўчасида яшовчи фуқаро Н.О.га тегишли бўлган ҳар бирининг баҳоси 1.800.000 сўмга тенг бўлган икки бош қўчқорлари яширин равишда ўғирлаб кетилганлиги тўғрисида Ички ишлар органлари навбатчилик қисмларига хабарлар келиб тушган.

Ҳар бир хабар юзасидан тегишли туман ва шаҳар Ички ишлар органларининг тергов-тезкор гуруҳлари ҳодиса содир бўлган жойга чиқиб, зарурий суриштирув ҳамда терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб борган ҳолда, ушбу бешала ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Мазкур жиноятларнинг объектив ҳамда субъектив томонлари, жиноят содир этилишининг факультатив белгилари таҳлил қилинган ҳолда аниқланган умумий жиҳатлардан келиб чиқиб, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари подполковник Мансур Қодиров бошчилигида вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ҳамда ушбу шаҳар ва туманлар ички ишлар органларининг ходимларидан иборат алоҳида тергов-тезкор гуруҳлари тузилиб, вилоят бўйлаб кенг миқёсли тезкор суриштирув, терговга қадар текширув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятлар 3 нафар шахсдан иборат жиноий гуруҳ томонидан содир қилинганлиги аниқланди.

Жумладан,

- жиноий гуруҳ ташкилотчиси 1999 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 109, 166, 169-моддалари билан судланган Бухоро тумани Гала Осиё маҳалласида яшовчи Ш.Ш. жиноий гуруҳнинг раҳбари бўлиб, ўғирлик содир қилинадиган хонадонларни аниқлаб кўздан кечирган ҳолда жиноий шерикларга вазифаларни тақсимлаб бериб, ўғирлик содир қилинадиган манзлилларга бошлаб борганлиги;

- жиноий гуруҳнинг иккинчи аъзоси 1999 йилда туғилган, муқаддам ЖК.нинг 277-моддаси билан судланган, Бухоро тумани Нометан маҳалласида яшовчи К.Ж. бўлиб, у жиноятларни содир этишда бевосита иштирок этиб, ўғирланган чорва молларни бошқарувидаги Матиз русумли автомашинасида бозорга олиб бориб сотишда етакчилик қилганлиги;

1999 йилда туғилган, Бухоро шаҳар Отбозор маҳалласида яшовчи Т.У. эса жиноий гуруҳнинг учинчи аъзоси бўлиб, бошқарувидаги оқ рангли Матиз русумли автомашинада ҳайдовчилик қилиб, жиноий шерикларини воқеа жойига олиб бориб келган.

Жиноий гуруҳни қўлга олиш жараёнида 2 бош қўй, 2 бош қўзичоқ ва ўғирланган чорва молларни сотишдан тушган 5.190.000 (беш миллион бир юз тўқсон минг) сўм нақд пуллар ҳамда ўғирлик жиноятини содир қилишда фойдаланилган Матиз русумли автомашина тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳозирда, жиноий гуруҳнинг фош этилмай қолган бошқа жиноятларга алоқадорликларини аниқлаш мақсадида тезкор-суриштирув ҳамда жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech