18 Ноябр 2022 йил 436

Бухоро: Бошқарма бошлиғи жиноятлар салмоғи юқори бўлган “қизил” тоифали маҳаллаларда ўрганишлар ишларини давом эттирди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги Республика идоралараро ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича жорий йилнинг 17 октябрь куни бўлиб ўтган тезкор йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан алоҳида чора-тадбирлар режаси ва йўл харитаси ишлаб чиқилиб ижрога қаратилган эди.

Ушбу йўл харитасида белгилаб олинган вазифалардан бири бўлган вилоят миқёсида жиноятлар салмоғи юқори бўлган, криминоген вазияти оғир 17 та “қизил” тоифадаги маҳаллалар алоҳида ажратиб олиниб, ушбу маҳаллаларга  жиноятчиликни барвақт олдини олишнинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинган ҳолда вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар ички ишлар органларининг малакали ва юқори тажрибага эга бўлган раҳбар ходимлари бириктирилди ва манзилли ишлар олиб борилди.

Аввал хабар берганимиздек, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев ана шу маҳаллаларга бирма-бир бориб, ўрганиш ишларини олиб бораётган эди. Навбатдаги ўрганишлар, бугун 18 ноябрь куни Ромитан туманининг “Афросиёб”, Пешку туманининг “Янгибозор” ва “Гулистон”, Шофиркон туманининг “А.Навоий” ва “Дўрмон”, шунингдек, Ғиждувон туманининг “Чорсу” ва “Шарқ” маҳаллаларида ўтказилди. Бунда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ушбу туманлар масъуллари, маҳаллаларга бириктирилган вилоят ҳамда туман ички ишлар органларининг раҳбар ходимлари иштирокида ҳудудларда жиноятларни барвақт олдини олишга доир амалга оширилган ишларни ўрганиб, танқидий муҳокама қилди.

Ўрганиш давомида бошқарма бошлиғи ҳар бир маҳалланинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, туманлар ҳамда маҳаллалар масъул раҳбарларига жиноятларни жиловлаш, профилактик ишларни манзилли ташкил этиш юзасидан қатор кўрсатма ва топшириқлар берди.

Text to speech