18 Ноябр 2022 йил 553

Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари аҳоли муаммоларини жойига чиқиб ўрганди

Бугун, 18 ноябрь куни вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев чекка ҳудудларда, маҳалла ва қишлоқларда яшаётган аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий, иқтисодий муаммолар, куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарликнинг аҳволи билан яқиндан танишиши учун 3-секторга қарашли Ғиждувон туманига борди.

Бошқарма бошлиғи туман марказидан қарийб 20 километр узоқликда жойлашган “Ғишти”, “Улфатбиби”, “Бештуво” маҳалларининг Бўлди, Хўппилар, Қавали, Юқори Мирзаён қишлоқларига бориб, ушбу маҳаллаларнинг раислари, кўча вакиллари ва оқсоқоллар билан учрашиб аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий масалалар, жумладан, табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти, аҳолига кўмир етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни жойида ўрганди.

Бунда, вилоят 3-сектор раҳбарига туман ҳокими ва бошқа мутасаддилар, вилоят ва туман коммунал хизмат кўрсатиш идоралари раҳбарлари, маҳалла мутасаддилари ҳамроҳ бўлдилар.

Ўрганиш давомида айни пайтнинг энг муҳим ва долзарб вазифалардан бири саналган куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш учун масъул корхона ва ташкилотларда суткалик иш режими талаб даражасида ташкил этилгани, ҳудудларда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга тайёргарлик кўрилгани, табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти, кўмир етказиб бериш билан боғлиқ аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъулларга аниқ ва манзилли топшириқлар берди.

Жараёнда ушбу маҳаллаларга табиий газ етказиб берувчи эскириб кетган қувурларни янгисига алмаштириш ва ичимлик суви қувурларини тортиш билан боғлиқ қурилиш ва монтаж ишлари ҳам кўздан кечирилди.

Text to speech