19 Ноябр 2022 йил 512

Бухоро вилояти ИИБ томонидан Ғиждувон тумани Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари фаолиятига доир навбатдаги пресс-тур ташкил этилди

Ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчилик эътиборига етказиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирлар, соҳага тааллуқли муаммоли саволларга ойдинлик киритиш ҳамда тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида бугун, 19 ноябрь куни “Ички ишлар бошқармаси бошлиғи билан бир кун” лойиҳаси доирасида Ғиждувон тумани ИИБ бошлиғи подполковник Азим Холиқовнинг кундалик иш фаолияти, туман 3-секторининг фаолияти, бошқарма ҳамда унинг қуйи тизимларида яратилган шарт-шароитлар билан танишишга доир пресс-тур ташкил этилди.

Мазкур пресс-турда туман ИИБнинг тегишли соҳавий хизматлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар ҳамда “Келажак лидерлари” вилоят клуби аъзолари қатнашди.

Дастлаб, Ғиждувон тумани «Сармижон» МФЙ ҳудудида жойлашган туман ИИБ 1-сонли Ички ишлар бўлими биносида ходимлар учун яратилган шароитлар ҳамда бўлим раҳбари ва ходимларининг хизмат фаолияти билан яқиндан танишишдан бошланган пресс-тур, туманнинг «Ғовшун» МФЙ ҳудудида жойлашган туман ИИБ 2-сонли, ундан сўнг «Шарқ» МФЙ ҳудудида жойлашган туман ИИБ 3-сонли ва «Ғишти» МФЙ ҳудудида жойлашган туман ИИБ 4-сонли Ички ишлар бўлимларида давом этди.

Бунда, суткалик нарядга жалб қилинган ходимлар иштирокида навбатчиликни қабул қилиш юзасидан йўриқномаси ўтказилиб, саф рўйхати асосида ходимларнинг хизматга келиб кетишлари, ҳудудда жиноятчиликнинг аҳволи ҳамда сутка давомида содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик ҳолатлари юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.

Қолаверса, «Гулистонобод» МФЙ ҳудудида жойлашган туман ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими, вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ҳузуридаги 2-сон рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаси, тумани ИИБ Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бўлими ҳамда туманнинг Навоий вилояти билан чегара ҳудудида жойлашган «Сармижон» чегара йўл патруль хизмати масканида ходимлар ва аҳоли учун яратилган шароитлар ҳамда ушбу хизматларнинг иш фаолияти яқиндан ўрганилди.

Навбатдаги манзил «қизил» ҳудуд саналган Ғиждувон туманидаги «Шарқ» МФЙда эса жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда мазкур маҳаллада хизмат олиб бораётган маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспекторининг ҳамкорликдаги фаолияти ҳамда туманнинг «Барака» МФЙ ҳудуди «Қуччи» чўл массивида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” лойиҳаси бўйича олиб борилаётган қурилиш ишлари кўздан кечирилди.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида жиноятчиликнинг аҳволи ҳамда туман ИИБ ЙҲХБ томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди ва хотин-қизлар масалалари бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Туман ИИБ биноси, унда ходимлар ва фуқаролар учун яратилган шароитлар, қабулхона ҳамда тергов ва суриштирув хоналари иш тартиби, у ердаги инновацион технологияларнинг ишлаш тартиблари билан иштирокчилар таништирилди.

ОАВ вакиллари журналист ва мустақил блогерлар ҳамда вилоят “Келажак лидерлари” клуби аъзолари иштирокида ўтказилган мазкур пресс-тур давомида бошқарма бошлиғининг кундалик иш фаолияти билан танишиш билан бир қаторда, иштирокчилар соҳа ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам батафсил жавоблар олишди.

Хулоса қилиб айтганда, пресс-тур мобайнида Ғиждувон тумани Ички ишлар бошқармаси фаолияти мисолида халқимиз осойишталиги йўлида куну-тун садоқат билан хизмат қилаётган тизим ходимлари томонидан барча соҳавий хизматларда олиб борилаётган кўламли ишлар кенг жамоатчиликка яқиндан таништирилди. Қизғин ва самарали кечган мазкур пресс-тур иштирокчиларига ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Text to speech