21 Ноябр 2022 йил 407

Бухоро вилояти ИИБда ҳудудларда жиноятчиликни барвақт олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ўтказилган комплекс текширув якунлари муҳокама қилинди

Бугун, 21 ноябрь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси мажлислар залида, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, Ички ишлар бўлим ва бўлинма бошлиқлари ва масъул ходимлар иштирокида навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев олиб бориб, жорий йилнинг 31 октябрь куни тасдиқланган режа-топшириқ асосида вилоятнинг Жондор, Қоракўл, Олот туманлари ва Бухоро шаҳар ички ишлар органларининг кундалик иш фаолияти, раҳбар ва масъул ходимларнинг жиноятчиликни олдини олиш борасидаги ташаббускорлиги, йўл хариталар бандларининг ижроси юзасидан ўтказилган комплекс ўрганиш натижалари, шахсий таркиб ўртасида ижро ҳамда хизмат интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек, жорий йилнинг ноябрь ойи 20 кунида вилоятнинг шаҳар ва туманларида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар аҳволи танқидий муҳокама қилинди.

Кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари, вилоят ички ишлар бошқармасидан туман (шаҳар)ларга бириктирилган бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари ва кураторлар, Жиноят қидирув, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Жамоат тартибини сақлаш ва Ташкилий бошқармалар раҳбар ва масъул ходимларининг ҳисоботлари тингланиб, текширув давомида аниқланган камчиликлар бўйича тушунтиришлари эшитилди.

Танқидий руҳда ўтказилган муҳокама йиғилишида тизимли камчиликларга йўл қўйиб келаётган, ўзига белгилаб берилган вазифаларни бажаришга масъулиятсизлик билан ёндашган бир қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўлланилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан аниқ ва манзилли топшириқлар берилди ва ижроси алоҳида назоратга олинди.

Йиғилиш якунида бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев томонидан барча соҳавий хизматлар, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбар ва масъул ходимларининг ҳар биридан ижрочилик интизомига қатъий риоя қилишлари, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасидаги тезкор, профилактик ва ташкилий тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва самарали ташкил этишлари лозимлиги, зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббус кўрсатиб, қўл остидаги ходимларга шахсий намуна кўрсатишлари талаб қилинди.

Text to speech