18 Май 2023 йил 355

Бухорода ўтказилаётган “Қорадори-2023” кенг кўламли тезкор ҳамда профилактик тадбирлари доирасида гиёҳвандлик воситаларини етиштириш билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар фош этилди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг алоҳида кўрсатмаси асосида жорий йилнинг 1 май кунидан 30 июнь кунига қадар республикамизнинг барча ҳудудларида «Қорадори-2023» кенг кўламли тезкор ҳамда профилактик тадбирларининг биринчи босқичи ҳаракатга келтирилган.

Ушбу кўрсатмага мувофиқ Бухоро вилоятида ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда бир қатор тезкор суриштирув ҳамда комплекс профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Бухоро вилоятига кириш-чиқиш ҳамда туманлараро чегара масканларида алоҳида кузатув постлари ташкил этилиб, гиёҳванд ҳамда психотроп моддаларнинг республикамиз, вилоятимиз ва маҳаллаларга кириб келиши, қонунга хилоф равишда экиб парваришлаш, тайёрлаш ва сотиш билан боғлиқ жиноий ҳолатларни фош этиш юзасидан қатор тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

Ушбу тадбирлар доирасида гиёҳвандлик воситаларини етиштириш билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар фош этилди.

Жумладан, 2023 йил 15 май куни соат 14:00 ларда Ромитан тумани "Тошработ" маҳалласида яшовчи, 1967 йилда туғилган Н.У. нинг яшаш уйида ўтказилган тинтув тергов ҳаракати жараёнида унинг ҳовлиси тупроқли ер майдонидан икки туп марказий поя ва илдизига эга бўлган, вилоят ИИБ ЭКБ нинг хулосасига кўра соф вазни 230,25 граммга тенг бўлган «Каннабис» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда етиштириб келаётганлиги аниқланган.

Икккинчи ҳолатда, 2023 йил 14 май куни Қоракўл тумани ИИБ ходимлари томонидан туманнинг "Қоракўл" маҳалласида яшовчи Ж.Ш.нинг томорқаси кўздан кечирилганда, у ерда 36 туп "кўкнори" ўсимлиги ишлов берилиб етиштирилаётганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech