22 Апрел 2021 йил 534

Фолбин найранггига алданган Бухоролик йигит 3000 АҚШ долларидан айрилди

Сўнгги вақтларда бутун Республикамиз бўйлаб фирибгарлик жиноятларининг кескин ошиб бораётганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва кенг жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солмоқда.

Шу боисдан марказий ва маҳаллий телевидения, радио ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали аҳолини фирибгарликдан огоҳ қилиш борасида бир қатор рукнлар остида кенг миқёсли тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилиб, шу билан биргаликда хонадонма-хонадон юриб аҳолига ушбу жиноят қурбонига айланиб қолмасликлари юзасидан буклетлар тарқатилиб, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онгини ошириш, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмасликлари тушунтириб келинмоқда.

Аммо энг ачинарлиси, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали фирибгарлар домига тушиб қолган фуқароларнинг қилаётган нолалари, содир этилган қатор фирибгарлик жиноятлар тавсилоти юзасидан тайёрланган кўрсатувлар, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар юзасидан ўтказилаётган тергов ҳамда суд жараёнлари акс этган лавҳалар ва мақолалар ҳамда бошқа тарғибот ва ташвиқот ишларини кўриб туриб, эшитиб ёки англаб туриб, яна фирибгар ва товламачилар қармоғига илинаётганлар камайиб қолаётгани йўқ.

Жумладан, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, шаҳарнинг Жўбор кўчасида яшовчи, 1988 йилда туғилган Ҳ.С. исмли аёл, 2021 йилнинг март ойида, Авшормаҳалла кўчасида яшовчи, 1989 йилда туғилган Т.Ш. га ўзини “Фолбин” эканлигини, келажакни олдиндан кўриб билишлигини, унинг йўллари дуо қилиш йўли билан боғланганлигини, агарда у айтган пулларни берса боғланган йўлларини очиб беришни ваъда қилиб, ўзи томонидан тўқилган ёлғонларга Ш.Т. ни ишонтириб, унинг ишончига кирган ҳолда 3000 АҚШ долларига тенг бўлган пулларини қўлга киритиб, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб, жабрланувчига анча миқдорда моддий зарар етказиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Мазкур ҳолатда юзасидан Ҳ.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жиноят ишида гумон қилинувчи Ҳ.С. қонун олдида жавоб беради албатта, лекин бугунги кунда ҳам ФОЛБИНларга доимий мижоз сифатида мурожаат қиладиган, устига устак, қариндошлари, таниш-билишларини ҳам етаклаб келадиган фуқароларимизга яна қандай тушунтириш лозим.

Ҳурматли фуқаролар!

Келажакни айтиб берувчи “Фолбин” сифатида уйингиз, ўзингиз, оила аъзоларингиз, айниқса фарзандларингиз, пул ёки бошқа қимматбаҳо буюмларингиз, кўчмас мулкларингиз дуо қилинганлиги ва шу сабабли улар хавф остида эканлигини айтиб, ушбу дуодан халос қилишни, юришмаётган ишларингизни ривожлантиришни ваъда қилиб ёки тиланчилик баҳонасида сизга “дам солиш”, “фол очиш”, “дуони олиб ташлаш” ва келгусида кутилаётган хавф хатардан холи қилиш учун моддий бойликлар, пул ёки бошқа қимматликлар талаб қилиб хизматлар кўрсатаётган шахслар билингки ашаддий фирибгарлардир.

Азиз ватандошлар! Огоҳ бўлинг! бундай “Фолбин”ларнинг найрангларига алданиб қолманг!

Text to speech