5 Май 2021 йил 419

Хонадонида гиёҳвандлик воситаларини етиштирган шофирконлик фуқаро қўлга олинди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг Фармойишига мувофиқ, ҳудудларда гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатларни аниқлаш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда жамоатчилик ҳамкорлигида кенг кўламли профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, эгаллаш, тайёрлаш, олиш, сақлаш каби турли ҳаракатлар қилиш, ҳамда уларни ўтказиш, истеъмол қилишга жалб этиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ бўлган махсус ва тезкор тадбирлар давомида жиноий ҳолатлар қайд этилмоқда.

Шофирконда Ички ишлар ва ДХХ туман бўлимлари ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда ҳам ана шундай жиноий фаолият билан шуғулланиб келган шахснинг кирдикорлари фош этилди.

Жорий йилнинг 4 май куни Шофиркон тумани “Алишер Навоий”  маҳалласида яшовчи 1956 йилда туғилган Р.Р. ўзининг яшаш уйи томорқа ерида 1.608 туп “Кўкнор ўсимлиги”ни қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланган.

Бундан ташқари ўтказилган терговга қадар текширув ҳамда тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида фуқаро Р.Р.нинг яшаш уйи кўздан кечирилганда, ошхона девори олдида турган жовон устида соф вазни 6,61 граммга тенг бўлган “Кўкнор ҳашаги” ни қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги ҳам маълум бўлиб, тегишли тартида ҳужжатлаштирилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқаро Р.Р.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 270 ва 276-моддалари 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech