11 Сентябр 2022 йил 332

Малака ошириш ўқув курслари якунланди

Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг жорий йил 23 майдаги тегишли “Туман (шаҳар) ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини янада ошириш бўйича ўқув йиғинларини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши асосида вилоятимизда ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Бухоро тумани ҳудудида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли 28803-сонли ҳарбий қисм ўқув базасида Бухоро вилояти Ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган профилактика инспекторлари билан навбатдаги ўқув йиғинлари ташкил этилди.

Бунда, вилоят ИИБ ҳамда бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда профилактика инспекторларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини янада ошириш бўйича машғулотлар намунали тарзда ўтказилди.

Ўқув курсининг асосий мақсади профилактика инспекторларига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишда ҳудуддаги тезкор ва криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, прогнозлаш ва баҳолашнинг замонавий усулларини ўргатиш, тажриба алмашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитларни ўрганиш, мавжуд куч ва воситаларни тўғри тақсимлаш, шунингдек, хизмат фаолиятига оид ислоҳотлар ва янгиликлар, юридик ва махсус тайёргарлик бўйича билимларини оширишдан иборат.

Ўқув курси тасдиқланган ўқув дастури асосида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти ходимлари томонидан инновацион-педагогик технологиялар, интерфаол методлар ва замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали амалга оширилди.

Ўқув машғулотлари давомида тингловчилар томонидан қонун ҳужжатлари ва амалиёт жараёнлари билан боғлиқ бўлган барча саволларга институт профессор-ўқитувчилари томонидан атрофлича жавоб берилди.

Машғулотларга малакали педагог ўқитувчилар, тажрибали ҳарбий хизматчи ва ходимлар, тиббиёт соҳасидаги малакали мутахассислар жалб этилиб, ўқув курси якунида тингловчилардан якуний имтиҳон олинди.

Ўқув курсини муваффақиятли тугатган ходимларга вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, ММ ва КБТХ раҳбари Умид Утаев томонидан белгиланган намунадаги сертификатлар топширилди.

Text to speech