22 Феврал 2021 йил 485

Олот туманида содир этилган 3 та жиноят Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Бухоро вилояти ИИБ ҳамда туман мутасаддилари иштирокида жиноятлар содир этилган маҳаллаларда кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5938 ва 4075-сонли қарорлари ҳамда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллабай иш тизимини кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, ҳудудларда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Жумладан, вилоят ҳудудида содир этилган ҳуқуқбукбузарлик ва жиноятлар, маҳалланинг ўзида ёки жиноят содир этган шахс истиқомат қиладиган маҳаллада ёхуд меҳнат жамоаларида, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия мутасаддилари ва кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниши йўлга қўйилган.

Жорий йилнинг 22 февраль куни ҳам вилоятнинг Олот тумани “Қирлишон” маҳалласида содир этилган “қасддан баданга оғир шикаст етказиш”,  “Баёт” маҳалласида содир этилган “ноқонуний ов қуроли сақлаш” ва “Пичоқчи” маҳалласида содир этилган “безорилик” жиноятлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоят Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари ҳамда туман сектор раҳбарлари иштирокида, кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинди.

Танқидий руҳда ўтказилган муҳокамалар жараёнида маҳалла раислари, унинг ҳуқуқ тартибот бўйича ва барча ўринбосарининг ҳудудларда “маҳаллабай” тизим, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни барвақт олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижалари юзасидан ҳисоботлари эшитилиб, масъулларнинг юқоридаги жиноятлар содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитлар юзасидан тушунтиришлари тингланди.

Ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича Олот тумани идоралараро комиссияси”, туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими ҳамда ушбу маҳаллалар мутасаддилари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар иштирокчилар эътиборига етказилиб, мазкур жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари бирма бир таҳлил қилинди.

Ўрганишлар натижасига кўра, жиноятларнинг содир этилишига маҳалла мутасаддилари томонидан, “маҳаллабай” ишлаш тизимининг тўғри йўлга қўйилмаганлиги, маҳалла фуқароларининг лоқайдлиги,  “идоралараро комиссия” фаолиятининг тўғри йўлга қўйилмаганлиги қаттиқ танқид остига олиниб, комиссия аъзолари, маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари қаттиқ огоҳлантирилди.

Муҳокама якунида мутасаддиларга туманнинг барча маҳаллалари, корхона ва ташкилотлар, муассасалар, маиший ва хизмат кўрсатиш шахобчаларида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирларни белгилаш, “маҳаллабай” иш тизимини жорий қилиш, туман бўйича шаклланган “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган муаммоли фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш, носоғлом муҳит шаклланган оилаларга “кексалар маслаҳат гуруҳлар”ини бириктириш, ҳар бир ҳудунинг ўзига хослигидан келиб чиқиб ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишга қаратилган йўл хариталари ишлаб чиқиш бўйича аниқ ва манзилли топшириқлар берилди.

Text to speech