24 Сентябр 2022 йил 503

Саксовул ўсимлигини ноқонуний кесиш билан шуғулланганлар жавобгарликка тортилади

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида содир этилган қонунбузарлик ҳолатлари Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари томонидан муҳокама этилди.

Вилоятимизда экология ва атроф муҳитга зарар етказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши тизимли кураш чоралари олиб борилмоқда. Айни шундай тадбирлар давомида кўрилган чоралар ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида бир қатор профилактик тадбирлар ўтказилди.

Куз-қиш мавсумида вилоятимизнинг чўл ҳудудларида яшил қоплама ташкил этиш мақсадида не-не машаққат билан етиштирилган саксовулзорларга қирон келтираётган айрим фуқароларнинг хатти-ҳаракатларини ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизнинг Пешкў, Ромитан ва Жондор туманларининг чўл ҳудудларида саксовул ўсимлигини ноқонуний кесиб талон-тарож қилинишини олдини олиш юзасидан Бухоро вилояти ИИБ, Экология ва Миллий гвардия бошқармаларининг малакали ходимларидан иборат гуруҳлар ташкил этилиб, вилоятнинг чўл массивларида 83 маротаба тезкор профилактик ва «рейд» тадбирлари ўтказилди.

Олиб борилган тадбирлар давомида жами 74 та ҳолатда ҳуқуқбузарлар томонидан жами 102 куб саксовул ўсимлигини ноқонуний равишда кесиб олиб кетиш ҳолатлари аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 91 млн сўм жарима ҳамда 63 млн сўм табиатга етказилган моддий зарарларни ундириш чоралари кўрилди.

Ромитан тумани Газли шаҳарчасининг чўл ҳудудида ўтказилган навбатдаги тунги рейд тадбири давомида Пешку тумани “Бобоҳожи” маҳалласи, Шовари қишлоғида яшовчи 15 нафар фуқаро томонидан ноқонуний равишда давлат захира еридан саксовул ўсимлигини чопиб олиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилгани, тезкор тадбир давомида ҳуқуқбузарлар томонидан ваколатли идоралар масъул ходимларига нисбатан фаол қаршилик кўрсатганликлари қайд этилган.

Ҳолат юзасидан қонунбузар фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддасига кўра жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бугун, 24 сентябрь куни вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги секторлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари мазкур жиноят ва вилоят ҳудудида саксовул ўсимлигини пайҳон қилиш, ноқонуний равишда кесиб талон-тарож қилинишини олдини олиш борасида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ амалга оширилаётган ишлар юзасидан Пешку тумани «Бобоҳожи» маҳалласи, Шовари қишлоғида муҳокама йиғилиши ўтказдилар.

Вилоят сектор раҳбарлари томонидан туман ҳокими, қатор масъуллар, маҳалла мутасаддилари ва кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган муҳокама жараёнида вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати томонидан тайёрланган видеоролик намойиш этилиб, ушбу маҳалла фуқаролари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилиниб, атрофлича муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида: Мутахассисларнинг маълумотига кўра 2 йиллик саксовул қум кўчишини 20%га, 5 йиллиги 80%га, 7 йиллиги эса тўлиқ тўхтатади. 10 йиллик 1 та саксовулнинг ўзи 100 тоннагача қумнинг кўчишини тўхтата олади. Яхши ривожланган 1 туп саксовул ўз илдизи атрофида 10 тоннагача қум ва тузни тутиб туради. Саксовуллар тупроқдаги чанг, тузларни шамол учиришини тўхтатади. Шу аснода турли зарарли тузлар осмонга кўтарилиши камаяди. Шундай экан, она табиат инъом этган ҳар бир неъмат ҳисоб китобли эканлигини унутмаслик лозим.

Text to speech