23 Январ 2023 йил 364

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги 73-сессиясида вилоят ИИБ бошлиғининг ҳисоботи тингланди

Бугун, 23 январь куни бўлиб ўтган сессия ишида тегишли вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари ва сектор раҳбарлари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб бориб, унда дастлаб вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиевнинг вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳолати юзасидан ҳисоботи тингланди.

Бунда таъкидланишича, 2022 йил давомида вилоятда жиноятчиликка қарши курашиш, унинг барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини жойларда тизимли ташкил этиш, жамоатчилик билан алоқаларни кучайтириш, жамоат тартиби ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилиб, ижобий натижаларга эришилган.

Жумладан, 2022 йилда вилоятда жами 5 минг 175 та жиноятлар қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 92 тага (5267/5175) ёки 1,8 фоизга ҳамда жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 3 минг 415 та содир этилиб, 200 тага (3615/3415) ёки 5,5 фоизга камайган. Қайд этилган 5 минг 175 та жиноятнинг 100 минг аҳоли сонига нисбати ўртача 261,8 тадан тўғри келиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 3,2 тага камайган. Рўйхатга олинган жами жиноятларнинг 1 минг 563 таси ёки 30,2 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ташаббуси билан аниқланган. Амалга оширилган ишлар натижасида ўтган йилда вилоятдаги 544 та маҳаллаларнинг 252 таси ёки 46,3 фоизида жиноят содир этилмаган. Жами қайд қилинган жиноятларнинг ўсиш суръати барча туман ва шаҳарларда камайган.

Шунингдек, ёшлар, аёллар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони сезиларли камайишига эришилган. Қолаверса, вилоятнинг айрим маҳаллаларида аҳоли сони 8 мингдан ортиқ эканлиги, шунингдек, маҳаллалар ҳудудида савдо объектлари, таълим муассасалари ва бошқа корхона ва ташкилотларнинг ҳам мавжудлиги, маҳаллага бириктирилган профилактика инспекторининг иш ҳажмига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаётганлиги, бунинг натижасида маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактик ишлар етарли даражада ташкил этилмаётганлиги оқибатида мазкур ҳудудларда криминоген вазият юқорилигича қолмоқда. Бу эса Бухоро шаҳри, Бухоро, Ғиждувон, Когон, Қоракўл ва Шофиркон туманларидаги жами 22 та маҳаллалар ҳудудига 1 нафардан жами 22 нафар профилактика инспектори штат бирликларини жорий этишни тақозо этиши қайд этилди.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди. ОАВ вакилларининг саволларига батафсил жавоблар берилди.

Text to speech