7 Июн 2021 йил 407

Жондор туманида содир бўлган “қотилликка суииқасд” жинояти вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан жиноят содир бўлган “Далмунобод” маҳалласида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг 05 июнь куни соат 23:50 ларда Жондор тумани Далмунобод маҳалласида яшовчи, 1970 йилда туғилган Ҳ.Қ. оилавий келишмовчилик сабабли келиб чиққан жанжал натижасида, 1997 йилда туғилган ўғлининг кўкрак ва қорин қисмига икки маротаба ошхона пичоғи билан уриб, оғир тан жароҳати етказган.

Жабрланувчига туман тиббиёт бирлашмасида ўз вақтида қилинган тез тиббий ёрдам натижасида ҳаёти сақлаб қолинган ва ҳозирда тиббий муолажалар давом эттирилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Ҳ.Қ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 25,97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи Ўзбекистон Республикаси ЖПК.нинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Бугун, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шухрат Алиев, туман ҳокими, прокурори ва ИИБ бошлиғи ва бошқа тааллуқли идоралар мутасаддилари иштирокида, Далмунобод маҳалласи раиси ва унинг ўринбосарлари, ушбу маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда мазкур ўта оғир жиноятни муҳокама қилдилар.

Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, ушбу маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, профилактик тадбирлар жойига чиқиб ўрганилиб, муҳокама жараёнида маҳалла мутасаддилари ва маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспекторининг жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижадорлиги юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, бунга имкон берган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилиниб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида мазкур маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори амалга оширган ишлари етарли эмас деб топилиб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди ва сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар раҳбарлари, айниқса маҳалла мутасаддилари қаттиқ огоҳлантирилди.

Муҳокама якунида бошқарма бошлиғи Шухрат Алиев ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирлар белгилаш, “Маҳаллабай”, “Хонадонбай” ва “Фуқаробай” иш тартибини янада жадаллаштириш, бунда аниқ йўналишларни белгилаб олган ҳолда ишлаш лозимилиги, “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими бўйича кенг кўламли профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш борасида сектор раҳбарлари, тааллуқли идоралар ҳамда маҳалла масъулларига аниқ ва манзилли топшириқлар бериб, бунда жамоатчилик билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, айниқса маҳалла фаоллари, кўча вакиллари, отинойилар, маҳалланинг обрўли отахон ва онахонларини кенг жалб этиш лозимлиги таъкидлади.

Text to speech